Abstract:
Бачадондан аномал қон кетишлар (БАҚК) репродуктив ёшдаги аёлларда энг кўп
учрайдиган гинекологик муаммолардан бири бўлиб, уларнинг асосий сабабларидан бири овулятор дисфункция ҳисобланади. Эхографик ва допплерометрик тадқиқотлар ушбу ҳолатларни эрта аниқлаш ва патогенетик механизмларни баҳолашда муҳим аҳамиятга эга. Мақсад. Овулятор дисфункция билан боғлиқ бачадондан аномал қон кетган аёлларда эхографик ва допплерометрик кўрсаткичларни таҳлил қилиш.
Методлар. Тадқиқот проспектив кузатув ва ретроспектив таҳлил элементлари билан
олиб борилди. Жами 120 аёл 4 та гуруҳга ажратилди (18–25 ёш, 26–35 ёш, 36–41 ёш ва назорат). Эндометрий қалинлиги, тухумдон ҳажми, антрал фолликуллар сони ва доминант фолликул ривожланиши баҳоланди. Допплер тадқиқотларида бачадон ва тухумдон артериялари резистентлик индекси (RI) ва пульсация индекси (PI) ҳисобланди.
Натижалар. Эндометрий қалинлиги (p<0,001), тухумдон ҳажми (p<0,01) ва антрал
фолликуллар сони (p<0,001) репродуктив ёш ўсиши билан изчил равишда пасайди. Доминант фолликула шаклланиши III-гуруҳда фақат 26,7% ҳолатда қайд этилди. Допплер натижаларига кўра, RI ва PI қийматлари ёш билан изчил ошиб борди (p<0,001), бу эса эндометрий перфузияси ва овариал трофиканинг сусайишига ишора қилади. Хулоса. Эхографик ва допплерометрик кўрсаткичлар овулятор дисфункция билан боғлиқ БАҚК ҳолатларида морфофункционал ўзгаришларнинг асосий биомаркерлари ҳисобланиб, индивидуал терапия ва профилактика тактикаларини ишлаб чиқишда муҳим диагностик аҳамиятга эга.