Abstract:
Долзарблиги. Аёллардаги бепуштлик муаммоси замонавий репродуктив тиббиётнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу жумладан, «пуч» фолликула синдроми (ПФС) морфологик жиҳатдан етук фолликулалар бўлишига қарамай, тухум ҳужайра мавжуд эмаслиги билан тавсифланади. ПФС патогенези кўп омилли бўлиб, гормонал дисбаланс, тухумдон захирасининг камайиши ва оксидатив стресс
билан узвий боғлиқ. Фолликуляр муҳитда цинк (Zn) ва селен (Se) асосий антиоксидантлардан ҳисобланиб, уларнинг танқислиги ПФС ривожланишига олиб келиши мумкин. Мақсад. ПФС аниқланган ва хавф гуруҳидаги аёллар фолликуляр суюқлигида цинк ва селен даражасини аниқлаш, уларнинг клиник ва
прогностик аҳамиятини баҳолаш. Тадқиқот материали ва усуллари. Жами 120
аёл ўрганилди: I гуруҳ – 40 ПФС аниқланган аёллар, II гуруҳ – 50 ПФС ривожланиш хавфи юқори аёллар, таққослаш гуруҳи – 30 соғлом аёллар. Zn ва Se концентрациялари ICP-MS/MS усули билан ўлчанди. Статистик таҳлилда t-
тест, корреляция ва ROC-таҳлил қўлланилди. Натижалар. ПФС аёлларда цинк (68,4±4,7 µg/L) ва селен (34,2±2,8 µg/L) даражалари назорат гуруҳига нисбатан сезиларли паст бўлди (96,5±6,3 ва 52,7±3,9 µg/L; p<0,01). Хавф гуруҳида
ҳам кўрсаткичлар пасайган (Zn – 74,1±5,1 µg/L, Se – 36,8±3,1 µg/L; p<0,05). Цинк (r=–0,48) ва селен (r=–0,42) даражалари ПФС билан ишончли салбий
боғлиқликка эга экани аниқланди. ROC-таҳлил натижалари юқори прогностик аҳамиятни кўрсатди (Zn учун AUC=0,81; Se учун AUC=0,79).